Юнусов Ҳайдарали Муратович,

доцент,

юридик фанлар номзоди

e-mail: yunusovkm@gmail.com

Тел.: (+998 99) 0052517

 

Европа Иттифоқида сайлов йўли билан шакллантириладиган бир нечта бошқарув органлари мавжуд. Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан сайланадиган Европа Иттифоқи Президенти, Европа Парламенти томонидан сайланадиган Европа Иттифоқи Комиссияси Президенти, фуқаролар томонидан сайланадиган Европа Иттифоқи Парламенти шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси бир бутунликда Европа Иттифоқи сайлов тизимини ташкил этади.

Европа Иттифоқи Президенти Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан 2,5 йилга малакали кўпчилик овоз билан сайланади. Импичмент ҳолати ёки жиддий хатолар содир этилиши оқибатида унинг лавозимидан озод этилиши ҳам худди шундай тартибда амалга оширилади. Айни бир шахс Европа Иттифоқи Президенти лавозимига иккинчи бор сайланиши мумкин.

Европа Иттифоқи Комиссияси Президентидан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқи Президенти лавозимига сайлов Европа Иттифоқи Парламентидаги сиёсий таркиб билан алоқадорлик касб этмайди.

Европа Иттифоқи Комиссияси Президенти сайловига келсак, 2007 йилда қабул қилинган ва 2009 йилда кучга кирган Европа Иттифоқи тўғрисидаги Лиссабон шартномасига биноан, Европа кенгаши малакали кўпчилик овоз асосида Европа Иттифоқи Комиссияси Президенти лавозимига бирор номзодни янги сайланган Парламентга сайлаш учун тақдим этади. Европа Парламенти эса жами депутатларнинг умумий сонига нисбатан оддий кўпчилик овоз билан уни сайлайди. Агар Европа кенгаши томонидан кўрсатилган номзод кўпчилик овозни тўплай олмаса, кейинги бир ой ичида Европа кенгаши бошқа номзодни кўрсатиши мумкин. Лиссабон шартномаси билан киритилган янгилик шундан иборатки, Парламентнинг қарши овоз бериш эҳтимоли мавжудлиги боис, Европа кенгаши номзодни Европа Парламентига ўтказилган сайловларнинг натижаларига қараб, яъни нисбатан кўпроқ жойни қўлга киритган сиёсий партия ёки сиёсий гуруҳлар манфаатини эътиборга олган ҳолда танлаши лозим. Парламент Европа кенгашига у ёки бу номзодни тавсия этмайди, бироқ унинг томонидан тақдим қилинган номзодни рад этиши мумкин.

Европа Иттифоқи бошқарув органлари орасида халқ томонидан тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланадиган ягона институт бу – Европа Иттифоқи Парламентидир.

Давлатларга хос бўлган сиёсий тизимларда қонун чиқарувчи ҳокимият – парламентнинг қонунчилик ваколатлари қамрови ва унинг бошқа ҳокимият тармоқларига нисбатан тутган мавқеига қараб демократия даражаси белгиланади. Европа Иттифоқи давлат типидаги тузилма бўлмаса-да, бироқ унинг ҳам қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд органлари бор.

Миллий парламентлардан фарқ қилиб, Европа Парламенти (ЕП) қонунчилик ва бошқа соҳаларда кенг ваколатларга эга эмас. Лекин у аста-секин ўз ваколатлари доирасини кенгайтириб, бошқа институтларга нисбатан мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.

Европа Иттифоқи тўғрисидаги Лиссабон шартномасининг 10-, 13-, 14-моддалари ва Европа Иттифоқининг амал қилиши тўғрисидаги Лиссабон шартномасининг 223–234-моддалари ҳамда Европа Парламентининг ички регламенти Парламент фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ташкил этади.

Унинг ташкил топиш тарихига назар ташласак, Европа кўмир ва пўлат ҳамжамияти шартномаси (1951 йил)нинг 21-моддаси ижро этувчи ҳокимият – Олий раҳбарлик органи (ОРО)ни назорат қилиб турувчи парламент ассамблеясини таъсис этишни кўзда тутарди. 1957 йилдаги Евроатом ва Европа иқтисодий ҳамжамияти шартномасининг 138-моддасида ҳам алоҳида-алоҳида парламент ассамблеяларини таъсис этишга келишилган эди. 1957 йил 25 мартдаги Умумий институтларга оид конвенциянинг 2-моддасига асосан, учала Ҳамжамиятнинг парламент ассамблеялари бирлаштирилди. Вужудга келган ягона ассамблеяга 1962 йил 30 мартдаги резолюция билан “Европа Парламенти” деб ном берилди ва унинг мақоми Европа Ягона ҳужжати (1986) ҳамда Европа Иттифоқи тўғрисидаги Маастрихт шартномаси (1992) билан мустаҳкамланди.

Парламентдаги депутатлик ўринлари аъзо давлатлардаги сайловчилар миқдорига қараб белгиланади. Эдинбург Европа кенгаши (1992 йил декабрь)нинг қарори билан 12 та аъзо давлатнинг парламентдаги овозлар сони уларнинг аҳолиси сонига мутаносиб тарзда тақсимланган эди. Ўша пайтда депутатларнинг умумий сони 567 тани ташкил этарди. Иттифоқ аъзолари сони 15 тага кўпайиши муносабати билан Кенгашнинг янги қарори 1995 йил 1 январда эълон қилинди. Унга асосан, Европа Парламенти депутатлари сони 626 тага етди.

Амстердам шартномаси, келгусида Иттифоқ қандай кўламда кенгайишидан қатъий назар, депутатлар сони 700 тадан ошмаслиги кераклигини қайд этган (ЕҲШнинг 189. 2-банди, собиқ 137-моддаси). Шунда депутатлар сони 50 йил ичида 10 баравар ошган бўлар эди. Чунки 1952 йилда ЕКПҲ ассамблеясида 78 тагина депутат-вакил фаолият кўрсатган бўлса, 1958 йилда учта Ҳамжамият ассамблеяларининг бирлашиши натижасида уларнинг сони 142 тага етган эди. Кейинги интеграциявий кенгайиш босқичларига мутаносиб равишда депутатлар сони 1973 йилда – 198 тага, 1979 йилда – 410 тага, 1987 йилда – 518 тага, 1992 йилда – 567 тага, 1995 йилда – 626 тага кўпайди.

2003 йил 1 февралдан кучга кирган Нись шартномаси ва 2004 йил 1 майдан амал қила бошлаган Афина аъзолик шартномалари Парламентдаги овозлар тақсимотининг янги тартибини белгилади. Депутатлар сони эндиликда 732 тага кўпайтирилди.

2003 йил 20 июнда Тессалоник Европа кенгашида қабул қилинган ва 2004 йил 29 октябрда давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан имзоланган Европа Иттифоқининг ягона Конституциясини таъсис этувчи шартномага илова қилинган “Европа Парламентида фуқароларнинг вакиллиги ҳамда Европа кенгаши ва Вазирлар кенгашида овозлар тақсимоти тўғрисида протокол”да депутатлар сони 736 та қилиб кўрсатилди, бироқ кейинчалик Конституция лойиҳаси рад этилди.

Иттифоқнинг 2004 йил 1 майдаги кенгайишидан сўнг Европарламент депутатлари сони 788 тага чиқиб кетди. 2004 йил 13 июндаги олтинчи чақириқ парламент сайловлари Афина шартномаси аъзолик актининг 11-моддасига мувофиқ ташкил этилди ва 732 тагина депутат Европарламентга сайлана олишга муваффақ бўлди.

2005 йил сентябрдан бошлаб Руминия – 35 та, Болгария эса – 18 та кузатувчи мақомидаги ўринга эга бўлди. 2007 йилнинг 1 январидан улар Европарламентнинг тўлақонли аъзоларига айландилар. Шундай қилиб, 2004–2009 йилда фаолият кўрсатган Европа Парламенти 785 нафар депутатдан ташкил топди.

2009 йилнинг охирига келиб Лиссабон шартномаси кучга киргач, депутатлар сонини 751 тага етказиш имконияти юзага келди. Бунинг учун Лиссабон шартномасига илова қилинган “Ўтиш даври меъёрларига оид 36-протокол”га ўзгартириш киритиш талаб этилар эди. Испания ташаббуси билан бошланган ўзгартириш жараёни 2011 йил 29 ноябрда ўз ниҳоясига етди ва Лиссабон шартномасига тегишли ўзгартиришлар киритилди[1]. Унинг иловасида 18 та қўшимча жой аъзо давлатлар орасида қайта тақсимланди. Унга кўра, Нись шартномасида ажратилган жойларга қўшимча тарзда, Испанияга – 4 та, Австрия, Франция, Швецияга – 2 тадан, Болгария, Италия, Латвия, Мальта, Нидерландия, Польша, Словения, Буюк Британияга – 1 тадан жой берилди. Янги депутатлар Европа кенгашининг қарорига кўра, ад хок сайловлар орқали ёки 2009 йил июнда бўлиб ўтган Европарламент сайловларига илова киритиш ёхуд миллий парламент депутатлари ичида сайлов ўтказиш йўли билан сайлаб олинди.

Лиссабон шартномаси аъзо давлатлар кесимида сайланадиган депутатларнинг Нись шартномасида кўзда тутилган энг юқори миқдорий чегарасини 99 тадан 96 тага камайтирди (Германия), энг қуйи чегарасини 5 тадан 6 тага кўпайтирди (Мальта). Олдинги таъсис шартномаларидан фарқ қилиб, Лиссабон шартномаси ҳар бир давлат учун қанча жой ажратилишини аниқ сон билан белгилаб бермади. ЕИЛШнинг 14-модда 2-бандига мувофиқ, Европарламент ташаббуси ва унинг тасдиғи асосида Европа кенгаши умумий якдил овоз билан дегрессив пропорционаллик[2] негизида аъзо давлатлар учун Парламентдаги жойларни тақсимлайди. Демак, Парламентдаги жойлар тақсимоти Европа кенгашининг қарори билан белгиланади. Жузъий ўзгартиришлар киритиш тақозо этилганда, эндиликда таъсис шартномаларини ўзгартирмай туриб ҳам мақсадга эришиш имкони юзага чиқади.

2019 йил май ойида бўлиб ўтган 9-чақириқ Европа Парламентига сайловлар Лиссабон шартномаси меъёрларига тўлиқ риоя этилган ҳолда амалга оширилди.

Сайлов тартиби. Европа Парламенти 1976 йил 20 сентябрда қабул қилинган Кенгаш қарорига биноан, умумий ва тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланади.[3] Шу асосда биринчи сайлов 1979 йил июнда бўлиб ўтди. Эслатиб ўтиш жоизки, Европа ҳамжамиятларнинг парламент ассамблеялари миллий парламентлар томонидан сайланадиган вакиллардан иборат эди.

Амстердам шартномасидан сўнг, ЕҲШнинг 190-моддасига асосан, Парламент 5 йил муддатга сайланадиган бўлди. Ҳозирга қадар сайлов жараёнининг ягона тартиби қабул қилинмаган. У аъзо давлатларнинг миллий қонунчилигига ҳавола этилган бўлса-да, бир қатор умумий қоида ва тамойилларнинг мавжудлиги эътироф этилади.

Маастрихт шартномаси ЕҲШнинг 19-моддасига яна бир муҳим янгилик кирита олди. Эндиликда, Европа Иттифоқи фуқароси қайси аъзо давлатдан келганига қарамай, резидент сифатида ўзи яшаб турган давлатда сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ҳозирда Европа Парламентига сайловлар Европа Иттифоқи тўғрисидаги Лиссабон шартномасининг 14-моддаси ҳамда Европа кенгашининг 2002 йил 25 июндаги ва 2002 йил 23 сентябрдаги қарорлари асосида амалга оширилади.

Сайловда фақат бир овоз билан иштирок этилади, сайлов барча аъзо давлатларда бир пайтда (пайшанбадан – якшанбагача) бўлиб ўтади. Овоз бериш усули (mode de scrutin) барча давлатларда бир хил: миллий ва маҳаллий рўйхат билан тенг вакиллик (пропорционаллик) тизими асосида ташкил этилади.

Сайлаш ҳуқуқи Австрияда – 16 ёш, қолган барча аъзо давлатларда – 18 ёш қилиб белгилангани ҳолда, сайланиш ҳуқуқи ягона ёш цензи билан чегараланмаган, яъни сайланиш ҳуқуқи 18–25 ёш оралиғида бўлиши мумкин. Масалан, сайланиш ёшининг энг қуйи чегараси Италия, Греция, Кипрда – 25, Франция ва Руминияда – 23, Ирландия, Бельгия, Чехия, Эстония, Литва, Латвия, Польша, Словакия, Болгарияда – 21, Германия, Буюк Британия, Австрия, Швеция, Хорватия, Финляндия ва бошқа аъзо давлатларда – 18 ёш этиб белгиланган.

Бельгия, Греция ва Кипрда Европа Парламенти сайловларида иштирок этиш мажбурийдир. Сайловларда иштирок этмаслик муайян маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Парламент сайловларида гендер тенгликка ҳам эътибор қаратилади. Охирги йилларда Европа Парламентида аёллар сони муттасил ошиб бормоқда. Бугунги кунда Европарламент депутатларининг салкам учдан бир қисмини аёллар ташкил қилади.

Сиёсий партиялар. Европа Иттифоқи доирасидаги интеграциявий жараёнларнинг муваффақияти учун трансмиллий сиёсий партиялар муҳим омилдир. Улар умумевропа ишончини вужудга келтиришга ва фуқароларнинг сиёсий иродаларини ифода этишга хизмат қилади.

Европа миқёсида фаолият кўрсатадиган сиёсий партиялар ўтган асрнинг 70-йилларида пайдо бўлган бўлса-да, уларнинг фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий асос таъсис шартномаларида етарлича ўз аксини топмаган эди. 90-йилларга келибгина Маастрихт шартномаси билан ўзгартирилган ЕҲШнинг 191-моддаси Европа Парламентида сиёсий партияларнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратди.

Эндиликда Европа Иттифоқи тўғрисидаги Лиссабон шартномасининг 10-моддаси ва Европа Иттифоқининг амал қилиши тўғрисидаги Лиссабон шартномасининг 224-моддаси сиёсий партиялар фаолиятини тартибга солади.

Лиссабон шартномасининг 224-моддасига мувофиқ, “Европа Парламенти ва Кенгаш оддий тартибдаги қонунчилик йўли билан регламент қабул қилиш орқали Европа Иттифоқи тўғрисидаги Лиссабон шартномасининг 10-моддасида кўзда тутилган Европа миқёсида фаолият олиб борадиган сиёсий партияларнинг мақоми ҳамда уларни молиялаштиришга оид қоидаларни белгилаб беради”.

Европа миқёсида фаолият олиб борадиган сиёсий партияларни ташкил этиш ва молиялаштиришга оид қоидалар 2003 йилда қабул қилинган ва 2007 йилда ўзгартирилган “Европа сиёсий партияларининг мақоми ва уларни молиялаштиришга оид” 1524/2007-сонли регламентда белгилаб берилган[4].

Унга кўра, Европа сиёсий партияси мақомида фаолият кўрсатиши ва Европа Парламенти ҳузурида рўйхатдан ўтиши учун якка ҳолда бир партия ёки биргаликдаги бир неча сиёсий партияларнинг уюшмаси аъзо давлатларнинг бирида юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши ва ўз қароргоҳига эга бўлиши, камида 4 та аъзо давлатда ўз вакиллигини намоён этиши (миллий, минтақавий ва Европа Парламенти сайловларида сайланган бўлиши) ёки охирги Европа Парламенти сайловларида камида 4 та аъзо давлатда ҳеч бўлмаганда умумий овознинг 3 фоизини қўлга киритган бўлиши лозим. Шунингдек, уларнинг дастурлари ва фаолиятида демократия, ҳуқуқий давлат, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш тамойилларининг акс этиши ва уларга риоя этилиши талаб этилади. Мазкур шартларни бажарган сиёсий партиялар Европа миқёсидаги сиёсий партиялар ёки уюшмалар сифатида эътироф этилади ва уларнинг фаолияти Иттифоқ бюджетидан молиялаштирилиши мумкин.

Янги регламент қоидаларига биноан, сиёсий партияларнинг 85 фоиз харажатлари Иттифоқ бюджети томонидан қопланади ва сиёсий партиялар ўзларининг молиявий захираларини мустақил тасарруф этадилар. Партияларга ажратиладиган маблағ уларнинг ҳар биридан сайланган депутатларнинг сонига мутаносиб тарзда тақсимланади.

Сиёсий партияларнинг Парламентдаги сиёсий гуруҳларини ташкил этиш шартлари Европа Парламенти Регламентининг 29-моддаси 2-бандида белгиланган. Унга кўра, ҳар қандай сиёсий гуруҳлар аъзо давлатларнинг камида бешдан бирида сайланган камида 20 нафар депутатдан иборат бўлиши лозим. 2010 йил январдан Европа Парламентида 7 та сиёсий гуруҳ фаолият кўрсатиб келмоқда.

Одатда, Европарламентда сиёсий партиялар ўзларининг умумевропа сиёсий қарашларидан келиб чиқиб, турли блокларга бирлашади. Яъни, улар миллий мансублик асосида эмас, балки интеграциявий амбицияларига кўра интеграция тарафдорлари, федералистлар, евроскептиклар каби гуруҳларга уюшади. Шунингдек, ижтимоий ўзгаришларга муносабат ва кураш усулларига қараб уларни ўнглар, марказчилар ва сўлларга ажратиш мумкин. Мазкур гуруҳлар таркиби партияларнинг сайловолди стратегиясидан келиб чиқиб, тез-тез ўзгариб туриши кузатилади. Сиёсий партиялар орасида диний-сиёсий, мухториятчи ва миллатчилик руҳидаги партиялар ҳам учрайди. Европа халқ партияси (European People’s Party – EPP) марказ-ўнглар сиёсий оиласига мансуб партиядир. У демократия, шаффофлик ва масъулият тамойилларига асосланади ҳамда халққа яқин Европа қадриятлари учун курашади. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти орқали тараққиётга эришишга ҳаракат қилади. Мазкур партия 39 та мамлакатдаги 74 та маслакдош партияларнинг Европа миқёсидаги уюшмасидир. Унинг тарафдорлари нафақат Европа Парламентидаги, балки Европа Иттифоқи Вазирлар кенгаши ва Европа Комиссиясида ҳам салмоқли ўринларни эгаллаб келади.

Европа социалистлар партияси (Party of European Socialists – PES) Европа Иттифоқи ва қўшни мамлакатлардаги 53 та социалист, социал-демократ ва ишчи-меҳнаткашлар партияларини ўзаро бирлаштиради. Партия демократия, тенглик, биродарлик, шунингдек, ижтимоий адолат тамойиллари учун курашади.

Европа учун либераллар ва демократлар иттифоқи (Alliance of Liberals and Democrats for Europe – ALDE) Европада либерал демократик қадриятлар тарафдоридир. Европа бўйлаб 55 та сиёсий партияларни бирлаштиради ҳамда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида эркинлик тамойилини жорий этишни мақсад қилади. 1976 йилда ташкил этилган мазкур партия 1993 йилда трансмиллий партия сифатида расман эътироф этилган. У ўз фаолияти давомида Европа Иттифоқи институтлари ва фуқаролари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга сезиларли ҳисса қўшди.

Европа Яшиллар партияси (European Green Party – EGP)нинг асосий шиори атроф-муҳитга нисбатан ижтимоий масъулият, ҳар бир шахс эркинлигини ҳурмат қилиш, инклюзив демократия, хилма-хиллик, гендер тенглиги, глобал барқарор тараққиётга эришиш ва зўравонликка йўл қўймасликдир.

Европа консерватив ва реформистлар иттифоқи (Alliance of European Conservatives and Reformists – AECR) Европадаги марказ-ўнг сиёсий маслакдаги евроскептик партияларни бирлаштиради. Шахсий эркинлик, парламентар демократия, миллий суверенитет, солиқларни чеклаш, барқарор пул сиёсати, мустаҳкам оила, эркин савдо ва ҳуқуқий давлат тамойиллари учун курашади.

Европа сўллар партияси (The Party of the European Left) 2004 йил 9 майда Рим шаҳрида таъсис этилган. Сўл демократик партияларнинг иттифоқи бўлиб, 26 та доимий ва 7 та кузатувчи мақомидаги аъзоларга эга. Айни пайтда, у турли ижтимоий ҳаракатлар ва касаба уюшмалари билан яқин ҳамкорликда фаолият кўрсатади. Ижтимоий келишув ва изчил ўзгаришлар орқали замонавий ижтимоий алоқаларни тинчликпарвар ва адолатли жамият қуришга йўналтириш унинг асосий мақсадидир.

Европа эркин иттифоқи (European Free Alliance – EFA) “халқлар Европаси” ғояси учун курашади. У 40 дан ортиқ миллатчи, минтақачи ва мухториятчи партияларни бирлаштиради. Ўз давлатчилигига эга бўлмаган миллатлар, минтақалар ва анъанавий миллий озчиликларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи, маданий ва лисоний хилма-хиллик, кўп босқичли бошқарув (multi-level governance) ва мустақиллик мазкур партия мафкурасининг асосини ташкил қилади.

Европа христиан сиёсий ҳаракати (European Christian Political Movement) Европа Иттифоқининг 10 та аъзо давлатидаги христиан-демократик партиялар ва ҳаракатлар иттифоқидир. Никоҳ ва инсон шаъни ҳимояси, оила устуворлиги, виждон, эътиқод ва сўз эркинлиги учун кураш партия фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.

Кўриниб турибдики, Европа Парламенти сайловлари сиёсий партиялар орасида кескин рақобат муҳитида кечади. Сиёсий партияларнинг фуқаролик институтлари билан ҳамкорлиги уларнинг муваффақияти гаровидир. Парламент сайловларидан фарқ қилиб, Европа Иттифоқи Президенти ва Европа Комиссияси Президентини сайлаш жараёни Европа Иттифоқи институтлари доирасида фуқароларнинг бевосита иштирокисиз амалга оширилади. Европа Иттифоқининг нуфузи ошиб борар экан, унинг номидан ички сиёсат ва халқаро миқёсида фаолият кўрсатувчи Европа Иттифоқи Президенти ҳам яқин келажакда оддий фуқаролар томонидан тўғридан-тўғри овоз бериш орқали сайланадиган институтга айланиши Европа халқи учун бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб қолмоқда.

[1] Protocol amending the Protocol on Transitional Provisions annexed to the Treaty on European Union, to the Treaty on the Functioning of the European Union and to the Treaty establishing the European Atomic Energy Community (Deposited with the Government of the Italian Republic). See: http://eur-lex.europa.eu – JO C 263 (29/09/2010).

[2] Дегрессив пропорционаллик тамойили барча аъзо давлатлардаги аҳоли сонига нисбатан бир хил депутатлик ўрнини назарда тутмайди, балки ҳар бир аъзо давлат учун мутаносиб нисбатни кўзлайди. Аъзо давлатларнинг аҳолиси сони камайиб бориши асносида ҳар бир депутат сонига мос келувчи аҳоли сони ҳам қисқариб боради. Масалан, 2004–2009 йилларда люксембурглик битта депутатга 80 минг аҳоли тўғри келган бўлса, германиялик битта депутат 830 минг немис аҳолисининг вакиллигини намоён этган.

[3] Кенгаш қарори учун қаранг: Annexé à la décision du Сonseil № 76/787/CECA, CEE, Euratom  du 20.09.1976, JOCE L 278 du 8.10. 1976.

[4] Regulation (EC) No 1524/2007 of the European Parliament and of the Council of 18 December 2007 amending Regulation (EC) No 2004/2003 on the regulations governing political parties at European level and the rules regarding their funding OJ L 343, 27/12/2007, p. 5–8.